Ўхшовсиз трансфер...ёки яна Жалолиддин Машарипов ҳақида...
2021-02-23 05:38:00 471 0 Ahadxon

Ўзбекистоннинг 2020 йилги энг яхши футболчиси Жалолиддин Машариповнинг «Ал-Наср» (Саудия Арабистони) билан шартнома тузиши ҳақидаги хабарни эшитиб, тўғриси, роса қувонгандим. Ҳар ҳолда, Ар-Риёд клуби Осиёда ўз мавқига эга, кўпинча ОЧЛда ўйнайди. Миллий жамоамиз ярим ҳимоячиси ҳаттоки, БААнинг Дубай шаҳрига бориб, тиббий кўрикдан ўтди, кейин келишувни расмийлаштирди ҳам. Бироқ орадан кўп ўтмай, «Ал-Наср»нинг Жалолиддинни қайдномага киритолмаслиги ойдинлашди. Бу қанақаси? Футболчи трансферини амалга оширган воситачилар қаерга қарашган?
Аслида Машарипов трансфери етарлича муҳокама қилинди. Кимдир унга омад тилади, бошқалар футболчининг Осиё футболига юзланганини орқага ташланган қадам сифатида баҳолади. Чунки кўпчилик Жалолиддинни Европа, лоақал Россияга кетишини кутганди. Ҳар ҳолда, умумий назар бўйича айтсак, Жалолиддин «Женоа»да бинойидек ўйнаётган Элдор Шомуродовдан сира қолишмайди. Бироқ шахсий фикримча, миллий жамоамиз етакчиларидан бири Саудия чемпионатини танлаб, тўғри қилди. Бунда футболчининг ёши ва техник сифатларини инобатга олиш керак. Ҳарқалай, араб футболи услуб бўйича Машарипов сифатларига анча яқин. Яъни у ерда дриблинг маҳорати ўзгача қадрланади. Шу нуқтаи назардан қарасак, Жалолиддин «Ал-Наср»да бемалол ўз ўрнини топиши, ҳаттоки, жамоа етакчилари қаторига қўшилиши ҳам мумкин эди. Бироқ воқеаларнинг кейинги ривожи...
Ҳа, воқеалар занжири кишини ўйлантириб қўйди. Шартнома расмийлаштирилганидан сўнг «Ал-Наср» Жалолиддин Машариповнинг «заявка»га киритолмади ва уни БААга юборди. Тўғри, ҳамюртимизнинг янги клуби - «Шабаб Ал-Аҳли» ҳам чакки эмас. Бироқ тўлақонли шартнома бошқаю, ижара келишуви бошқа. Энди савол: нега шундай бўлди? Бу нима дегани азизлар? Машариповнинг трансферида ким айбдор? Саудия клуби футболчини рўйхатга киритолмас экан, нега энг яхши йигитларимиздан бирини сотиб олиб, сарсон қилди? Ўзи арабларга бу трансфер керакмиди? Ҳа, саволлар кўп, жавоб йўқ. Тушунарлики, биз ҳозир араб клубини ҳеч қанақасига айблолмаймиз. Лекин футболчининг вакиллари шартнома тузишдан олдин ўша клуб ҳақида барча маълумотлар билан танишиб чиқишмайдими? Эҳтимолки, бу англашилмовчилик эмасдир, балки араблар шу орқали терма жамоамиз етакчиларидан бирига руҳий зарба беришни ўйлашгандир? Ҳар ҳолда, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон термалари ЖЧ-2022 саралашида гуруҳдош...
Энг алам қиладиган томони, бундай ўхшовсиз трансферлар биз учун янгилик эмас, олдин ҳам шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келганмиз. Демакки, футболимиздаги муаммолардан бири - бу трансферлар сиёсати бўйича билим йўқлиги. Клубларимиз трансферлардан пул топишни билмайди, корчалонлар эса, ўз манфаатларини биринчи ўринга қўядилар. «Откат» формуласи ҳаммага қўл келади, футболчини сотиш йўлида тортишиш, уни ўзига мос клубга тавсия қилиш борасида бош оғритишга ҳожат йўқ. Футболчи билан ўртадаги шартнома бекор қилинса, бас. Оддий айтганда, жамоаларимизда яхши футболчини сотишга аллергияси бордек. Бунга Жасур Жалолиддинов трансфери яққол мисол. Зеро, бунда клубдан кўра, ўртадаги агентлар кўпроқ улуш олишган. Ҳаттоки, Элдор Шомуродовнинг Россияга кетишида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди.
Қаранг, бир уринишда Беларусь лигасининг энг яхши футболчиларидан бирига айланиб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритган Жасур Яхшибоевни «Пахтакор» асосий таркибидан чиқариб юборган Достон Ҳамдамов яқинда БААнинг «Ал-Наср» клубига кетди, текинга... Боз устига, у билан ҳам Жалолиддин Машарипов воқеаси такрорланди. Футболчининг агентлари нима қилишяпти ўзи? Энг оғриқли томони, жамоаларимиз футболчилар трансферига маблағ ажратадию, нега ўша сарфланган пулни кўпайтириб қайтаришни ўйламайди? Ҳар томонлама энг илғор клубимиз - «Пахтакор» билан ҳам шундай ҳолатлар рўй бераётгани ачинарли, албатта. Ҳақиқат битта - клубларимиз боқимандаликдан қутулиб, ўзини таъминлаш тизимига ўтмагунича бу каби муаммолар давом этаверади. Эҳ, афсус...
Улуғбек ШАМСИДДИНОВ
Манба: interfutbol.uz
Фикрлар
Янгиликларга фикр қолдириш учун илтимос сайтимизда рўйхатдан ёки авторизациядан ўтинг